2019 йилнинг 21 август куни тунги соат 01:54 да Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани, А.Навоий кўчаси 69-уйда жойлашган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳудудидаги ошхонада ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати маълум қилмоқда.
Воқеа жойига зудлик билан 12 та ёнғин ўчириш автоэкипажи йўналтирилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга 6 дақиқада етиб борган ва ЎзМТРК ҳудудида жойлашган ошхона ва ёрдамчи хоналари ёнаётганлигини аниқлаган. Ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 02:45 да қуршаб олиниб, соат 03:36 да тўлиқ бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ёнғиннинг сабаби ошхонанинг омборхонасидаги электр тизимида юзага келган авария ҳолатидан деб тахмин қилинмоқда. Натижада ошхона ва ёрдамчи хоналарининг томи ва ички қисми 400 кв.метр майдонда ёниб зарарланган. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.