Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида катта миқдордаги гиёҳванд модда билан чегарадан ноқонуний равишда ўтган Афғонистон фуқаролари қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабарида айтилмоқда.
35 ёшли Оқмурод Қурбон ўғли ва 22 ёшли Абдулманнон Муҳаммадназар ўғли Сурхондарё вилояти ҳудудига Амударё орқали ноқонуний тарзда ўтиб, 44 кг 417 гр миқдоридаги гиёҳванд моддани олиб кирмоқчи бўлишган.
Хусусан, текширув давомида уларнинг ёнидан 35 кг 345 гр опий, 5 кг 21 гр гашиш ҳамда 4 кг 51 гр героин топилиб, мусодара қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 223, 273 ва 246-моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.