Компания матбуот хизматининг хабар беришича, Uzcard бренди ишлатилган кибер-фирибгарлик рўйхатга олинган. Номаълум шахслар томонидан uzcard.uz расмий сайтининг интерфейси нусхаланиб, Uzcard тўлов тизими номидан WEBSUM билан ҳамкорликда акция ташкил этилгани ҳақида эълон қилишган.
Реклама матнига кўра, ушбу тадбирда қатнашган иштирокчилар ўз карта рақамларини киритиб, пул миқдори ўтказиш эвазига юборилган маблағдан маълум миқдорда фоизларга эга бўлиши назарда тутилган.
Компаниянинг маълум қилишича, ушбу акция Uzcard банклараро тўлов тизими томонидан ташкиллаштирилмаган. Ҳозирда компания томонидан ушбу қаллоблик ҳодисаси юзасидан тергов ишлари бошланган бўлиб, яқин кунларда унинг натижалари борасида хабар берилади.
«Огоҳ бўлинг! Текширилмаган номаълум интернет воситаларига ўз маблағларингизни ишониб топширманг. Доменларнинг номланишига алоҳида эътибор қаратинг! Бизнинг расмий доменимиз uzcard.uz. Жумладан, домен номида бирон бир ҳарфнинг ўзгартирилгани унинг ҳақиқий эмаслигидан далолат беради: uzcard.org, uzcard.com, uzcard.info», - дея қайд этилган компания хабарида.