Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари ҳар биримизга алоҳида ғурур бағишлайди. Ҳар бир киши ҳалол меҳнати ортидан топган маблағини иморат қуриш, фарзандларини уй-жойли қилиш, ўқитиш ва касб-ҳунар ўргатишга сарфлайди.
Бунда, хусусан, барпо этаётган иморатининг кўркам ва мустаҳкам бўлишини исташи тайин.
К. Турдиниёзов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) ўтган йилнинг ноябрь ойида якка тартибдаги тадбиркор Ў. Ҳаитовга қарашли қурилиш моллари дўконидан 9 миллион 200 минг сўмга 230 дона шифер сотиб олади. Аммо унга сотилган қурилиш материалига касса чеки берилмайди.
К. Турдиниёзов шиферни уйининг томини ёпишга ишлатган. Аммо шифер сифатсизлиги боис тезда яроқсиз ҳолга келиб, бир ой ўтмасдан ёрилиб кета бошлаган.
Шундан сўнг харидор сотиб олинганига уч ой бўлган шиферларни алмаштириб беришни сўраб, дўкон сотувчисига мурожаат қилган. Аммо муаммо ҳал бўлавермагач, К. Турдиниёзов шифер ишлаб чиқарувчи "MUNJAL-SHIFER" масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларига учрашади. Улар келиб, К. Турдиниёзовнинг томидаги шифер ҳақиқатан ўзларининг маҳсулоти эканини тан олишади. Аммо барибир, муаммо бартараф этилмайди.
Шундан сўнг у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишини сўраб, судга мурожаат қилади.
Биринчи босқич судининг шу йил 18 майдаги ажрими билан Навоий шаҳридаги "MUNJAL-SHIFER" масъулияти чекланган жамияти ишга жавобгар томонга мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинади.
Бундан ташқари ушбу судда шу йилнинг 14 июнда иш кўрилиб, ҳал қилув қарори чиқарилган. Даъвогарнинг талаблари рад этилган ва ундан давлат фойдасига 270 минг 120 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.
Навоий шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти биринчи босқич судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, вилоят судига апелляция тартибида шикоят берди.
Ўз навбатида, апелляция судлов ҳайъати биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, апелляция шикоятини қисман қаноатлантириш мақсадга мувофиқ деган қатъий тўхтамга келди.
Аниқланишича, судда даъвогар К. Турдиниёзов 2017 йилнинг ноябрь ойида "MUNJAL-SHIFER" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилган 230 дона шиферни қурилиш моллари дўконидан сотиб олиб, шунинг 224 таси билан уйининг томини ёпган. Шиферлар яроқсизлиги боис даъвогар қурилиш материалини сифатлисига алмаштириб бериш ёки пулини қайтаришни сўраб, дўкон эгасига ва маҳсулот ишлаб чиқарувчисига мурожаат қилган бўлса-да, унинг мурожаатлари оқибатсиз қолдирилган.
Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддасига асосан эса, ҳар бир тараф ўзининг талаб ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Биринчи босқич суди иш ҳужжатларида жавобгар, яъни якка тартибдаги тадбиркор томонидан ғайриқонуний ҳаракат, янада аниқ қилиб айтганда, ҳаракатсизлик туфайли даъвогарга моддий зарар етказилганлиги ҳақида ҳужжатлар мавжуд эмаслигини инобатга олган. Аммо амалдаги қонунчилик талабларига кўра, истеъмолчига етказилган зарар нафақат сотувчи томонидан, балки ишлаб чиқарувчи томонидан ҳам, истеъмолчи улар билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, қопланиши лозимлигини эътибордан четда қолдирган.
"Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 20-моддаси 1-қисмида товар, иш, хизматнинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек, истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Шу ўринда амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 15-моддасига тўхталиш лозим. Чунки унга кўра, суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ чоралар кўришга ҳақли саналади.
"Ўзстандарт" агентлигининг "Навоий синов ва сертификатлаш маркази" давлат корхонаси томонидан судлов ҳайъатига тақдим қилинган жавоб хатида маълум қилинишича, К. Турдиниёзовга тегишли уйнинг томига ўрнатилган ҳамда ортиб қолган 6 дона шифер давлат стандартларига мувофиқ ёки номувофиқ эканлигини аниқлаш мақсадида намуна олиниб, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти Минтақавий синов лабораториясига юборилган.
Синов натижаларига кўра, бу шифер давлат стандартларига номувофиқ эканлиги аниқланган. Бу, ўз навбатида, даъвогар К. Турдиниёзов томонидан сотиб олинган 230 дона шифернинг барчаси белгиланган давлат стандартларига номувофиқ ишлаб чиқарилганини, демакки, сифатсиз маҳсулот эканини тасдиқлайди.
Судлов ҳайъатига юқоридагилардан маълум бўлдики, биринчи босқич суди томонидан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган. Моддий ҳуқуқ нормалари бузилган ва бундай ҳолатда ҳал қилув қарорини қонуний ва асосли деб бўлмайди.
Судлов ҳайъати К. Турдиниёзовнинг даъво аризаси юзасидан чиқарилган биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди. Апелляция судлов ҳайъатининг ажрими билан мазкур даъво аризаси қисман қаноатлантирилди.
Жавобгар "MUNJAL-SHIFER" масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар К. Турдиниёзовнинг фойдасига 10 миллион 85 минг 360 сўм моддий зарар, 500 минг сўм маънавий зарар ундирилди.
Бундан ташқари қонунда белгиланган тартибда масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан давлат божи ундириладиган бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, муаммога дуч келган фуқарога қонун кўмак берди.
Юзага келган муаммонинг ечим топгани мамлакатимизда қонун амалда устувор эканлигини яққол кўрсатади.
Нодирбек ФАЙЗИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Навоий вилояти судининг раиси