• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Общество 26 ноября 2018

Ўз уйига босқинчилик уюштирган йигит 6 йилга қамалди

Эркаликлари сабаб ўғирликка ундаган йигит 6 йилга, синфдоши эса 7 йилда озодликдан маҳрум этилди.

3500
0
UzNews.uz

Эшдавлат Саматов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) бир неча йиллардан буён чет элда ишлайди. Қишлоқда унинг хотини Фароғат опа ўғли Маннон ва қизи Жамила билан қолган. Эшдавлат хорижда юрса-да, кўнгли уйида, ҳар уч-тўрт кунда ҳол-аҳвол сўраб, қўнғироқ қилади.

Бунинг устига ҳар ойнинг охирида ишлаб топган пулини хотинининг номига жўнатиб туради.

Шу йил 12 апрелидан 13 апрелига ўтар кечаси кутилмаган воқеа рўй берди. Тахминан, тунги соат бир-у ўттизларда Фароғат опа уй ичида қандайдир шарпа юрганини сезиб қолиб, қўрқиб кетди. Даҳлизда ёниқ турган чироқ уй ичини ғира-шира ёритиб турганидан ҳа­лиги қора шарпанинг ҳаракатларини бемалол кўриш мумкин эди. Жуссасига қараганда, ёшроқ, бошига шапка ки­йиб, юзига қора матодан ниқоб тақиб олган, қора қўлқопли кимса дераза олдида ниманидир қидираётганди.

Фароғат опа шошилганча, ваҳима аралаш ўғлини уйғотишга уринди.

Аммо Маннон ҳадеганда жавоб бермади. Бунинг устига аёлнинг овозини эшитиб, ҳалиги қо­ра шарпа унинг елкаси ва бошига қўлидаги калтак билан уришга тушди. Аёл калтак зарбидан чинқириб юбор­ди. Шундан сўнг Маннон ўрнидан отилиб туриб, бояги кимсага қар­­шилик кўрсатмоқчи бўлди. Аммо унинг ҳам белига калтак келиб тушди.

Шундан сўнг у гавдаси билан онасини тўсиб, ҳимоя қила бошлади.

Шовқин-сурондан Жа­мила ҳам уйғониб кетди, аммо у нималар юз бераётганини англолмай анграйиб қолганди.

Босқинчи Манноннинг онасини тўсиб турганидан фойдаланиб, девордаги михга илиб қўйилган тилла тақинчоқларни олиб, ташқарига отилди.

— Ортидан югур, — дея Фароғат опа ўғлига буюрди.

Маннон оёқ яланг ҳолида кўчагача ҳалиги кимсанинг ор­тидан қувиб борди. Кейин эса, бўшашган кўйи изига қайтиб келиб, "Пичоғи бўлса керак, деб қўрқдим. Тонг отсин, бир гап бўлар", — дея онасини тинчлантиришга уринди.

Босқинчи жабрланувчи Фароғат Авазованинг бир дона, баҳоси 5 миллион сўмлик тилла занжири, бир дона баҳоси 1 миллион сўмлик тилла узугини ўмариб кетганди.

Ушбу жиноят юз берган паллада жабрланувчи Ф. Авазованинг туман ички ишлар идорасига хабар бериш имкони йўқ эди. Чунки унинг қўл телефони тў­лов бўлмагани учун ишламаётганди.

Тонг отиб, рўй берган жиноят юзасидан туман ички иш­лар бўлими суриштирув ишларини бош­­­лагач, ҳаммаси ойдин бўлди. Соҳа амалиётидан маълумки, дастлабки суриштирув чоғида жабрланувчи ҳамда унинг билан бирга истиқомат қилувчилардан во­қеа юзасидан кўрсатма олинади. Буни қарангки, суриштирув жараёнида хонадоннинг ёлғиз ўғли Маннон Саматов уйидаги босқинчилик жиноятига ўзи алоқадор эканлиги, унга ташкилотчилик қилганини тан олди.

Хўш, Маннон нега бундай қабиҳ қилмишга қўл урди? Бунга бирон-бир арзигулик сабаб борми?

Бир гал Маннон отаси билан телефон орқали гаплашганида автомашина олиб беришни илтимос қилганди. Ота ўғ­лига ҳозирча автомашинани бошқаришни ўрганиб туришни, аввалига эс­кироқ, кейинчалик янгисини олиб беришга ваъда қилган. Маннон эса, шу йилнинг 15 февраль куни туманнинг Полвонтепа қишлоғида яшовчи Нурзод исмли кишининг "Москвич" русумли автомашинасини 3 миллион 100 минг сўмга сотиб олади. У автомашинани қонуний тартибда ўз номига расмийлаштирмаса-да, уни бош­қариб кўчага чиқади. Шу йилнинг 7 апрель куни Каттақўрғон шаҳрида ИИБ йўл ҳа­ракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари уни тўхтатиб, ҳужжатларини текширишади. Аммо Манноннинг бирон-бир ҳужжати бўл­магани са­бабли автомашина жарима майдонига қў­йилган ва Маннонга нисбатан маъмурий баённома тузилган.

Табиийки, автомашинани жарима майдонидан чиқариш учун пул керак эди. Аммо унинг пули йўқ эди. У бу ҳа­қда кўп ўй­лайди. Охири онасидан пул сўрайди. Ўз навбатида, онаси йўқ демаган бўлса-да, ўғлига дарров пул бермайди. Бу орада отаси хориждан онасининг номига яна пул жўнатади. Ф. Авазованинг фу­қаролик паспорти орасида 200 АҚШ доллари солинганча дераза олдида турарди. Маннон эса, тезроқ автомашинани жарима майдонидан чиқаришни ўйлаётганди.

Шундай кунларнинг бирида, аниқроғи, шу йилнинг 11 апрель куни у қўш­ни қишлоқда яшовчи мактабдош ўр­тоғи Амин Эралиевга учрашади.

Дастлаб Маннон ўртоғига автомашинасини жарима майдонидан чиқариш учун пул зарурлигини айтади. Аммо Амин пу­лим йўқ, дейди.

Шундан сўнг Маннон унга қабиҳ режасини ошкор қилади. Яъни у уй деразаси олдида онасининг фуқаролик паспорти ичида 200 АҚШ доллари тургани, бундан ташқари эшик ёнидаги михга онаси ўзининг тилла тақинчоқларини осиб қўйишини айтади. Қис­қаси, Ман­нон Аминни ўзининг уйига босқинчилик уюштиришга кўндиради.

Ўша тунда Маннон Аминнинг келишини роса кутади. Лекин у келмагач, эр­таси ку­ни яна унга учрашади. Шунда Амин ухлаб қолганини айтади ва бу­гун тунда боришга ваъда беради.

Тунги соат 22 ларда улар Манноннинг уйи ёни­да учрашишади. Шунда Маннон уйга қандай кириб боришни, ўзлари қайси хонада ётишини, онасига тегишли тилла тақинчоқ деворда осиқлиқ турганини батафсил тушунтиради.

Воқеанинг давомини айтадиган бўл­сак, улар ғараз ният­да учрашгач, Маннон бир соатлар чамаси Аминнинг уйга ки­риб келишини кутиб ётади. Бир чоғ ҳовлида ит негадир қаттиқ ҳуради. Бундан безовта бўлган она Маннондан бир неча марта ҳовлидан хабар олишни айтади. Аммо Маннон ҳадеганда ўрнидан қи­мирламагач, онасининг ўзи ўрнидан туриб, ташқарига чиқади. Маннон ҳам унга эргашади. Улар ҳовли юзасида турган "Агедель" сув насосини ичкарига киритиб қўйишади.

Шундан сўнг хотиржам тортиб уйга киришади ва уйқуга кетишади.

Орадан икки соатдан зиёдроқ вақт ўтгач, юқо­рида тафсилоти баён этилган жиноий ҳодиса юз беради.

Суд ҳайъати дастлабки тергов органи томонидан судланувчилар А. Эралиев ва М. Саматовларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми "в" банди билан тўғ­ри квалификация қи­линган деб ҳисоблади. Суд судланувчиларнинг айбларига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёши ва шахсини, муқаддам судланмагани — жазони енгиллаштирувчи, жиноятни ға­раз ва паст ниятларда содир этганини эса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топди. Етказилган зарар қоплангани, жабр­ланувчининг даъвоси йўқлиги, маҳалладан ижобий тавсифланганлиги ҳамда кафиллик хати берилгани инобатга олинди.

Суд Жиноят кодексининг қонунийлик, инсонпарварлик ва одиллик принципларига амал қи­либ, ҳар иккала судланувчига нисбатан Жиноят кодекси 57-моддасини қўл­лаган ҳолда улар айбланган модда санкциясида кўрсатилган энг кам муддатдан ҳам камроқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Суд ҳук­мига кўра, судланувчи А. Эралиев бундан кейинги ҳаётининг етти, М. Саматов олти йилини умумий тартибли колонияларда жазони ўташ билан ўтказадиган бў­лишди.

Мулоҳаза қилиб қара­ган­да, Маннон Саматов — ўн саккиз, Амин Эралиев эса, йигирма ёшда. Ҳар иккала йи­гит ҳаётга енгил қарашган.

Оқибатни ўй­ламаслик уларни шундай оғир турдаги босқинчилик жинояти содир этишга етаклаган.

Агар Маннон фарзанднинг ота-она олдидаги бурчини, она деган зотнинг нақадар улуғлигини яхши билганида эди бундай қабиҳ қилмишга қўл урмаган бўларди. Калтафаҳмлик — илми саёзлик натижаси, холос.

Шундай экан, ёшларимизда мутолаа маданиятини шакллантириб, маънавий дунёқарашини шарқона маърифат нурлари ила ёритиш — бугунги даврнинг асосий масалаларидан биридир.

Мамаюсуб ШЕРЙИГИТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Каттақўрғон туман

судининг раиси

3500
0