Сурхондарё вилояти Денов туманида бугун, 7 декабрь куни тонгда икки қаватли савдо мажмуасида портлаш, дастлабки тахминларга кўра, газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган. ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаров ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
"Хавотирга ўрин йўқ, бунақа чақнаш ҳолатининг юз бериши асосан ҳозирги тахминга кўра, газ асбоб-ускуналарининг бузилиши оқибатида келиб чиққан. Оқибатда мажмуа атрофидаги бир нечта хонадонга ва ижтимоий соҳа объектларига, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига зиён етган.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан ҳукумат комиссияси тузилган. Воқеа жойида комиссия иш олиб бормоқда. Ҳозирда бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этиш борасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва тегишли идора-ташкилотлар ходимлари ишламоқда", - дейди Ўлмас Музаффаров.
Эслатиб ўтамиз, фожиа натижасида икки киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 9 киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.