Президент Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни Сеулдаги миллий қабристонга ташриф буюриб, марҳумлар хотирасига эҳтиром кўрсатди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, у ерда Корея мустақиллиги учун курашган ҳамда урушларда ҳалок бўлган инсонлар, мамлакат ривожига катта ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоблари дафн этилган. Шу боис у табаррук қадамжо сифатида эъзозланади. Хорижий давлатлар раҳбарларининг бу ерга келиши корейс халқига ҳурмат ифодаси ҳисобланади.
Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида мазкур қабристондаги ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди ва эсдалик битиги қолдирди. Бу битик мажмуа музейидан жой олади.
Шунингдек, давлат раҳбари Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.