2021 йил 15 декабрга қадар Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли 125 киши вафот этган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқов маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур даврда “Hududgazta’minot” АЖ, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда печ ва дудбуронларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар мутахассис усталаридан иборат 204 та таъмирлаш-тиклаш отряди ташкил этилиб, бугунги кунга қадар жами 3 млн 109 минг 162 та якка тартибдаги аҳоли турар жойлари, 35 минг 900 та кўп қаватли уйларда ўрганишлар ўтказилди.
Аммо, республикада аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ 213 та ҳолат қайд этилган. Уларнинг 66 таси фавқулодда вазият сифатида рўйхатга олиниб, ҳодисалар оқибатда 125 киши вафот этиши билан бирга 115 киши жабрланган.
Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти фуқаролар томонидан ностандарт қўлбола ясалган ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш ҳамда газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик сабабларга кўра юзага келмоқда.
Маълумотга кўра, ёнғинларнинг 36,3 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, 31 таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.