2021 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 37,6 миллиард долларни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 миллиард долларга ўсди (1 январь ҳолатига кўра 33,8 миллиард доллар). Бу ҳақда Марказий банкнинг жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Ўзбекистоннинг тўлов баланси ва ташқи қарзи тўғрисидаги ҳисоботида айтилади.
Хусусан, давлат ташқи қарзи йил бошига нисбатан 7 фоизга ёки 1,5 миллиард долларга ошиб, 22,9 миллиард долларни ташкил этди, нодавлат ташқи қарзи эса 18 фоизга ёки 2,2 миллиард долларга ошиб, 14,7 миллиард долларга етди.
Ҳисобот даври якунида мамлакатнинг хорижий валютадаги активлари 68,3 миллиард долларни, ташқи мажбуриятлар ҳажми эса 51,4 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг соф инвестицион позицияси 17 фоизга ёки 3,4 миллиард долларга, пасайган. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра 16,9 миллиард долларни ташкил этди.