Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ футболчиси Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Бу ҳақда ЎФА Ахборот хизмати хабар берди.
Одил Аҳмедов 2007 йилда миллий терма жамоа сафида дебют қилган. Аҳмедов МТЖ сафида 108 та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини 21 маротаба ишғол қилган. 4 та Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида, 3 бор Осиё кубогида иштирок этган ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвони билан тақдирланган.
Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятида Тошкентнинг "Пахтакор", Россиянинг "Анжи" ва "Краснодар", Хитойнинг "Шанхай СИПГ", "Тианжин Теда" ва "Цанчжоу Майти Лайонс" жамоасида тўп тепган.
У фаолияти давомида 2 маротаба Ўзбекистон чемпиони, 3 маротаба Ўзбекистон кубоги, "Анжи" жамоасида Россия кубоги финалчиси, "Шанхай СИПГ"да Хитой чемиони бўлган.
Одил 5 маротаба Ўзбекистонда, 2 маротаба Россияда йил футболчиси номинациясида ғолиб бўлган.