"Бу масалада шу даражада пастга тушгим келмаяпти. Бу ерда ҳақлигимни миллион фоиз биламан. Шу миллатнинг вакили сифатида ҳаммамиз дўппи кияйлик, дейишга ҳаққим бор", - деди Озодбек Назарбеков.
Вазир бу зўрлаш ёки мажбурлаш эмаслигини, у шунчаки ҳаммага эслатиб қўйганини айтди.
"Кўчада ёшлар чеченларнинг дўпписини кийиб юрибди, уларга ҳеч ким индамаяптику, мен дўппи киймоқчи бўлсаларинг, бу бизда ҳам бор, ўз ота-боболаримизнинг бош кийимини кийинглар деган маънода айтгандим.
Уйингга бориб кий, эртага чопон кийдириб, белбоғ ҳам чақтирасизлар қабилидаги гаплар бўлди. Биз зўравонлик ёки мажбурий тартибда ҳамма шундай қилсин демаяпмиз. Мен битта қадриятимизни тарғиб қилдим. Агар бундай қилишга ҳаққим бўлмаса, айтинглар", - дейди маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, маданият вазири Озодбек Назарбеков энди вазирлик ходимлари ишга дўппида келишларини айтиб, барча соҳа вакилларини бунга жалб қилганди.
Шундан сўнг, у вазирликда ходимларига мажлис ўтказиб, унда дўпписиз қатнашгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.