Аввалроқ, россиялик тревел-блогер Максим Лымарь Бухоро аэропортида багажидаги дрон туфайли ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик.
"Ўзавиация" агентлиги мазкур ҳолатга изоҳ бериб, блогер учувчисиз учиш аппаратларларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва улардан фойдаланиш қоидаларини нотўғри талқин қилганини маълум қилди.
Максим Лымарга кўра, мамлакат қонунчилигида квадрокоптерлар 250 граммдан ортиғи мажбурий рўйхатга олиниши шарт. Бироқ, саёҳатчининг техникаси атиги 249 гр. (бу ишлаб чиқарувчи томонидан дроннинг ўзида чоп этилган хусусиятлар билан тасдиқланади).
"Ўзавиация" агентлигининг маълум қилишича, учувчисиз учиш аппаратнинг оғирлиги 250 гр. дан ошмаган ҳолда, қурилма фото ва видео ускуналар билан жиҳозланган бўлса, уни Ўзбекистонга олиб кириш ва ундан фойдаланиш учун рухсат талаб этилмайдиган учувчисиз учиш аппаратлари қаторидан чиқаради.
Учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан, ўйинчоқ модел деганда, автоном парвозни бошқариш ва навигация функциясига эга бўлмаган, фото ва видео жиҳозлар билан жиҳозланмаган, вазни 250 граммдан ошмайдиган учувчисиз учиш аппарати тушунилади.
Чет эллик сайёҳлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан талаб ортиб бораётганлиги муносабати билан ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига 2018 йилда тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш қурилмаларини Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат беришнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутади.
Шунингдек хорижий ижодий гуруҳларга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва "Ўзбеккино" миллий агентлигининг илтимосномалари асосида ҳам рухсат бериш инобатга олинади.
Бундай рухсатномаларни беришнинг соддалаштирилган тартиби, хорижий фуқаро юқорида кўрсатган вазирлик ёки идоралардан бирига ёки "Ўзавиация" агентлигининг электрон платформаси орқали расмий мурожаатини учувчисиз учиш аппаратларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун рухсат олишини кўзда тутади.