Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳада қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилмоқда:
— дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юборганлик;
— корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузганлик;
— шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликлар бекор қилинмоқда.
Маълумот учун, ҳозирда шартнома тарафлари ўз мажбуриятларини бажармаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланган.
Бу эса шартнома тарафларига мажбуриятни бажармаганлик учун иккита таъсир чораси қўлланилишига, яъни ҳам маъмурий, ҳам мулкий жавобгарликка тортилишига олиб келмоқда.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди.