“Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.
Қарорда белгиланишича, прокуратура органлари зиммасига юкланган қўшимча вазифалар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Бош прокуратура таркибида 8 та штат бирлигидан иборат бўлган Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида эса умумий сони 56 та штат бирлигидан иборат бўлган Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўлимлари ташкил этилади.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Кадастр агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил якунига қадар синов тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент туманларида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини ҳамда ноқонуний бино ва иншоотларни космик суратларни қайта ишлаш орқали аниқлаш чораларини кўради.
Бунда космик суратларни олиш ва уларни қайта ишлаш билан боғлиқ харажатлар “Ўзбеккосмос” агентлиги ва Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Кадастр агентлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда ўтказилган синов натижаларидан келиб чиқиб, ушбу амалиётни республиканинг бутун ҳудудида жорий этиш юзасидан таклифларни 2023 йил 1 мартга қадар Президент Администрациясига киритади.