Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзоларининг Қорақалпоғистонда хизмат сафари давом этмоқда.
Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари жамиятга тегишли конларда газ қазиб чиқаришни кўпайтириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ишларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистонда жойлашган Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.
2021 йилда бошқарма томонидан углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши ҳисобига 36 та қудуқ бурғиланди, 56 та қудуқ мукаммал таъмирланди, 5 та технологик объектлар қуриб ишга туширилди. Натижада эса, қўшимча тарзда яна 1 353,0 млн куб метр табиий газ ва 30,6 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.
Бошқарув раиси 2022 йилда 4 696,9 млн куб метр табиий газ ва 65,0 минг тонна газ конденсати қазиб олиш учун белгиланган барча режаларни амалга ошириш учун барча зарур чораларни кўриш лозимлиги бўйича бошқарма раҳбарига топшириқлар берди.
Шунингдек, “Шарқий Бердақ” комплексидан “Бухоро-Урол” магистраль газ қувуригача бўлган газ қувурининг газ ўтказиш қувватини ошириш мақсадида, қурилиш ишлари бошланган қўшимча 22 км диаметри 530мм лик газ қувурида олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳам жойига чиқиб ўрганилди.
Ҳозирда ушбу газ қувурини қурилиш-монтаж ишлари учун зарур бўлган диаметри 530 мм лик газ қувури учун 22 км пўлат қувурлар етказиб берилиб, қувурнинг қарийиб 8 км қисмида пайвандлаш ишлари бажарилгани бўйича масъуллар ҳисоботи тингланди.
Лойиҳа бўйича қурилиш ишларини тезлаштириш учун зарур қувур арматураларини етказиб бериш ва пудратчи ташкилот томонидан қурилиш-монтаж ишларини қисқа фурсатларда тугаллаб газ қувурини ишга тушириш борасида бошқарма раҳбарияти ва департамент бошлиқларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Ташриф давомида “Арслон” комплексида “Ишчи гуруҳ” томонидан “Арслон” газни комплекс тайёрлаш қурилмасида газни компекс тайёрлаш жараёнлари ҳам ўрганилди, комплекснинг қувватини ошириш мақсадида қўшимча йиллик қуввати 1,0 млрд. куб метр бўлган газни паст ҳароратда сепарациялаш тармоғини қуриш бўйича ишлар муҳокама қилинди.
Ушбу тармоқни амалга ошириш учун мавжуд ички имкониятлардан фойдаланиш, хусусан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси “Помуқ” комплексидан технологик ускуналарни етказиб бериш, лойиҳани ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш бўйича тегишли департамент ҳамда бошқарма бошлиқларига топшириқлар берилди.Эслатиб ўтамиз, белгиланган режаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида, жорий йилда 25 та қудуқни бурғилаш, 44 та қудуқни мукаммал таъмирлаш, 5та технологик объектларни ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, ушбу чора-тадбирларни амалга оширилиши натижасида эса, қўшимча 1 140,0 млн куб метр табиий газ ҳамда 19,5 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилишига эришиш мақсад қилинган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати