Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ниятида ва Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда жума куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида маълум қилган.
"Ҳозирда Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиш шартлари ва тартибларини келишиш жараёни давом этмоқда", - деган Арипов.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси департаментлари ўртасида яқин ҳамкорлик бўйича қўшма йўл харитасини мувофиқлаштириш ишлари якунланмоқда.
Абдулла Арипов, шунингдек, ҳамкасбларидан Ўзбекистоннинг ЕОИИ доирасида электрон тижоратни ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамлаштириш, Агроэкспресс лойиҳаси ва бошқа ташаббусларда иштирок этишини маъқуллашни сўради.
Маълумот учун, Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) халқаро молия ташкилоти бўлиб, унга аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш, уларнинг савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евроосиё маконида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.