Шу кунгача жами Украинадан Польша ҳудуди орқали 1 859 нафар ўзбекистонликлар ватанга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг 2 март куни Uzbekistan Airways АЖнинг учта самолёти билан 671 нафар Ўзбекистон фуқароси Польшанинг Катовице аэропорти орқали Украинадан эвакуация қилинди. Улар орасида 129 аёллар, 82 болалар ва 14 чақалоқлар бор.
Бугун яна бир неча эвакуация қатновини ташкил этиш режалаштирилган.
Польша ҳудудида мамлакатнинг 1100 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 550 нафари Полша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 550 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан жанговар ҳаракатлар кетаётганига қарамай, Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Мамлакатнинг Польша ва Украинадаги дипломатик ваколатхоналари узлуксиз тартибда ишламоқда. Фуқаролар учун иссиқ овқат етказилиб, зарур ҳолларда тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.