Икки ойда 1 миллион хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Энергетика вазирлиги штаби томонидан жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари таҳлил қилинди.
Аниқланишича, январь-февраль ойлари давомида республика бўйича 546 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан 15 миллион 532 минг куб метр ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати.
Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича таъминоти корхоналари манфаатларига 13 миллиард 770 миллион сўм зарар етказилган. Ушбу миқдордаги табиий газ 1 миллион хонадонинг бир кунлик истеъмолини ташкил қилади.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг кўпи Хоразм, Сирдарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.