Ўзгидромет хабарига кўра, 14-17 март кунлари республика бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради. Кўпчилик вилоятларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади.
14-16 март кунлари баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида 14 мартда ва 16-17 март кунлари баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.
Ҳафтанинг биринчи ярмида кундуз кунги ҳарорат +14...+17 даражадан +8...+11 даражагача ўзгариб туради. Чоршанба куни +16...+21 даражагача кўтарилади.
18 март жума куни Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисмидан совуқ ҳаво массаси кириб келади. Республика бўйича ёмғир ёғади. Айрим жойларда ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши эҳтимоли бор. Кундуз куни ҳаво ҳарорати +7...+10 даражагача пасаяди.
Ҳафта давомида республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучаяди. Момақалдироқ пайтида шамол кучайиши 25-28 м/с гача етиши мумкин.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик ёмғир ва қор кўринишида бўлади, 14-16 мартда баъзи жойларда кучли бўлади. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши, тоғларда қор кўчиши хавфи бор.