Бугун, 24 март куни пойтахт Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади.
Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев инвестицияларни жалб қилиш жараёнини такомиллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.
Қайд этилишича, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш йўналишида амалий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида 2022 йилдан эътиборан президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар Кенгаши йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилади.
“Шунингдек, “крауд-сорсинг” платформаси ва замонавий рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда, барча тармоқлар ва ҳудудлардаги инвесторлар ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш амалиётини давом эттирамиз", - деди президент.
Умуман олганда, амалга ошириладиган ислоҳотларимиз натижасида кейинги 5 йил ичида ялпи ички маҳсулотимизни 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмларини эса 30 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказилади.
“Биз Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишига эришишни мақсад қилиб қўйганмиз", - деди Ўзбекистон раҳбари.