"Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида"ги президент фармони имзоланди.
Фармонга кўра, 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорликни чеклаган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига жазо кучайтирилади.
Таъкидланишича, қуйидагилар учун маъмурий жавобгарликни кучайтирилади:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини (кўрсатилишини) ноқонуний чеклаш;
- лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш.
Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қуйидагилар учун молиявий жарималарни қўлланади
- товар ва молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи келишувлар (келишиб олинган ҳаракатлар) ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш;
- товар ва молия бозоридаги устун (монопол) мавқени ҳамда юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлик ва инсофсиз рақобат;
- хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) сотиб олиш бўйича битимлар тузишда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;
- оммавий савдоларда рақобатга зид ҳаракатлар амалга оширганлик ва монополияга қарши талабларни бузганлик.
Монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик.