Фарғона вилояти Фарғона туманида фермер хўжалиги ер майдонини сотиб юборган кадастр ходими ва унинг шериги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Департаменти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аниқланишича, Кадастр агентлигининг Фарғона тумани филиали мутахассиси С.О. филиалнинг собиқ ходими муқаддам ЖКнинг 228-моддаси билан судланган Г.Р. билан олдиндан тил бириктириб, “A.O.” фермер хўжалигининг 1,5 гектар очиқ ер майдонининг 18 сотихида гўёки 2 та 9 сотихли уй-жой мавжудлиги ҳақида сохта кадастр ҳужжатларини тайёрлашиб, ушбу 18 сотих ер майдонини фуқаро Ш.га фирибгарлик йўли билан 7 500 АҚШ долларига сотган.
Текширув давомида С.О ва Г.Р. томонидан 200 АҚШ долларини қайтарганлиги процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.