Тергов департаменти Матбуот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 11 апрель куни соат 03:30 ларда номаълум шахс ўзганинг мулкини яширин равишда қўлга киритиш мақсадида, юзига қора рангли ниқоб тақиб, Бектемир тумани Бектемир шох кўчасида жойлашган “5+ market” дўконига харидор сифатида кирган.
Номаълум шахс 25 ёшли сотувчи Н.Д. ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, касса остида бўлган жавондан пулларни олаётган вақтида, сотувчи қиз уйғониб қолган.
Шу вақтда ниқобланган шахс қўлида бўлган пичоқ билан қизга таҳдид қилиб, жавонда бўлган савдодан тушган пулларни олиб беришини талаб қилиб, ўлдириш билан қўрқитиб, уни ўнг оёқ сон қисмига қўлида бўлган ошхона пичоғини тираган ҳамда жавонда бўлган 4 млн сўм миқдордаги пулларни босқинчилик йўли билан эгаллаб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу жиноятни Юқори Чирчиқ туманида яшовчи муқаддам ўғирлик жинояти учун судланган 18 ёшли А.А. содир этилганлиги аниқланиб, ундан бир дона қора рангли ниқоб ашёвий далил тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.А.га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.