Тошкентда ўзини трейдерлик билан шуғулланаётганлигини маълум қилиб, молия ва иқтисод соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлмаган фуқароларни ишончига кирган ҳолда уларнинг пулларини ноқонуний ўзлаштирган МЧЖ фош қилинди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, 1995 йилда Самарқандда туғилган, муқаддам судланган шахс 2020 йилда “Реальная инвестиция” МЧЖ ташкил қилиб, уни Telegram ва Instagram’да реклама қилиб келган.
МЧЖ раҳбари мижозлардан $15 мингдан $200 минггача пул олган ҳамда уларга ҳар ойда камида 10 фоиздан фойда беришни ваъда қилиб, ушбу фойдани янги жалб қилинган мижозлар пулидан тўлаган.
Айбланувчининг айтишича, фаолияти давомида у 560 та фуқаро билан олди-берди қилган. Шундан ҳозирги кунда 100 тача қолган. Шунингдек, асосий қарз ва бериши керак бўлган маблағ $2,5 – $3 млн атрофида.
Жамият раҳбари ноқонуний йўл билан топилган маблағларни бир неча кўчмас мулклар ва қимматбаҳо машиналар сотиб олиб легаллаштирган. Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ раҳбарига нисбатан ЖКнинг қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.