Навоийда банк ходимини урган фуқарога суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят суди Матбуот хизмати UzNews.uz'га маълумот берди.
Аниқланишича, А.А. 2021 йил сентябрь ойида "Халқ банки" Навбаҳор тумани бўлимидан имтиёзли равишда чорвачилик учун 30 млн сўм кредит олиб, уни тўламасдан келган.
Банк ходимаси М.А. томонидан охирги икки ой давомида А.А. кредит қарзларини тўлаш бўйича бир неча маротаба банкка чақирилган.
Шундан сўнг, А.А. банкка келганида жабрланувчи уни раҳбари қабулига чақириш учун коридорга чиққан вақтида А.А. ходимани ҳақорат қилиб, юз қисмидан бир шапалоқ уриб, банк биносидаги фуқароларнинг тинчлиги ҳамда осойишталигини бузган.
Ҳуқуқбузар А.А.га нисбатан иш 2022 йил 19 апрель куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан кўриб чиқилди.
Суднинг қарорига кўра, ҳуқуқбузар А.А.га МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга шу модда билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.