Бугун, 12 май куни Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифини Олтиариқ туманидан бошлади.
Президент узум маҳсулотларини кўпайтириш мақсадида Олтариқ тумани чеккасидаги ташкил этилган минг гектар адирликда узумчилик ва боғдорчилик плантациясини келиб кўрди.
Қайд этилишича, илгари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер эди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида ўзбек халқи ризқ-рўзи учун минг гектар янги манба пайдо бўлди.
Бунинг учун қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бунда фойдаланилган ускуна ва қувурлар ҳам тўлиқ маҳаллий маҳсулот.
Ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида токзор барпо этилиб, “хусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “кишмиш” каби харидоргир узум навлари экилмоқда. 300 гектарлик интенсив боғда олма, гилос, ўрик кўчатлари ўтқазилмоқда.
Бу ер замонавий агросаноат мажмуи бўлади - 1 минг 500 тонна сиғимли музлаткичли омбор, маиший хизмат шохобчалари барпо этилади. 6 та минитрактор, 10 та юк машинаси сотиб олинади. Боғ ва токзорлар аҳолига бўлиб берилади. Бу миришкор олтиариқликлар учун катта имкониятлар яратади.
Давлат раҳбари шу ерда фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашди.
"Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади. Мулкдор қанча кўп бўлса, масъулият кўп бўлади, харидорларнинг, чет эллик ҳамкорларнинг тадбиркорга ишончи бўлади, одамлар кўпроқ даромад олади”, - деди президент.
Ҳудудда 3 мингдан ортиқ иш ўрни очилиши айтилди. Уларга ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари ишга олинади.
Шу ерда Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.