“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида қонун лойиҳа муҳокамага қўйилди.
Қонун билан эндиликда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, экологик назоратни амалга ошириш, экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш, чиқиндиларни қайта ишлашни ташкил этиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш ҳамда кўпайтириш, умуман экология соҳасини ривожлантириш борасида катта хизматлари учун экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалиги органлари, саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектларининг юқори малакали ходимларига, инспекторларига, қўриқчиларига, муҳандисларига ҳамда илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг тажрибали мутахассисларига "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвони берилади.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” кўкрак нишони диаметри 30 миллиметрли доира шаклида бўлади ва 925 пробали кумушдан тайёрланади. Нишоннинг қалинлиги 2,2 миллиметрни ташкил қилади.
Шунингдек, нишоннинг ҳошияланган текис юз томонида парвоз қилиб турган қушлар, яшнаб турган дарахт, пастки ўнг чеккасида дафна новдаси тасвирланган. Нишоннинг айланаси бўйлаб юқори чап қисмида “ХIZMAT KO‘RSATGAN EKOLOG” деган ёзув жой олган.
Нишоннинг орқа томонида Ўзбекистоннинг Давлат герби тасвирланган.
Нишоннинг юз ва орқа томонлари чеккалари қабариқ ҳошия билан ўралган. Кўкрак нишони ички қисмига Ўзбекистоннинг Давлат байроғи рангларидаги шойи лента сирилган қадағичга ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади.
Қадағичнинг бўйи 16 миллиметр, эни 25 миллиметр. Қадағичнинг орқа томонига нишонни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.
Муҳокама 26 майга қадар давом этади.