ФИФА расмий сайтида 2025 йилги U-17 Осиё кубогида жамоаси сафида ёрқин ўйин намойиш этган ёш футболчилар қаторида Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ҳужумчиси ва турнирнинг энг яхши тўпурари Асилбек Алиев ҳам эътироф этилди. Бу ҳақда ЎФА Матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда 2025 йилги Осиё кубоги нафақат минтақавий мусобақа, балки Осиё футболининг келажакдаги юлдузларини кашф қилиш учун ажойиб майдон бўлиб хизмат қилгани айтилди.
Шунингдек, ёш футболчилар мусобақада ўз жамоаларининг муваффақиятли натижага эришиши ва ФИФА U-17 Жаҳон чемпионатига йўлланма олиши йўлида ўзларини барча жиҳатдан намоён эта олишгани эътироф этилди.
"Асилбек Алиев ушбу ёш иқтидор Ўзбекистоннинг чемпионлик йўлида энг асосий футболчилардан бири бўлиб, ҳужум чизиғини ишонч ва совуққонлик билан бошқарди.
Мусобақанинг дастлабки тўрт учрашувида у бешта гол урди ҳамда ажойиб ҳужумчилик маҳорати билан ажралиб турди. Алиев якунда мусобақа тўпурари, шунингдек, Марказий Осиё футболининг энг ёрқин келажак юлдузи сифатида катта эътирофга сазовор бўлди," - дейилади хабарда.