Поиск
RUUZ

Медицина

Депутат ССВ вазиридан хусусий клиникаларда ўлим ҳолатлари кўпайгани ҳақида ҳисобот талаб қилди

Гулнора Абдувоҳидова соғлиқни сақлаш вазирига хусусий клиникаларда ўлим ва ногиронлик ҳолатлари ортиб бораётгани сабаблари, вазиятни ўнглаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида саволлар берди.

64views0replies
0

UzNews.uz

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси, депутат Гулнора Абдувоҳидова ССВ вазири Алишер Худоёровга хусусий клиникаларда тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида фуқароларнинг соғлиғига оғир шикаст етказиш ва ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани юзасидан сўров юборди.
Депутат ўз сўровида сўнгги йилларда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришларга қарамай, бир қатор хусусий тиббиёт муассасаларида шифокорлар айби билан беморларнинг ўлими ёки ногирон бўлиб қолиши каби фожиали ҳолатлар кўпайиб бораётгани жамиятда жиддий ташвиш уйғотаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, тиббиёт ходимлари томонидан касбий мажбуриятларини лозим даражада бажармаслик билан боғлиқ жиноятлар бўйича ҳукмлар сони йил сайин ортиб бормоқда: 2023 йилда - 67 киши, 2024 йилда - 94 киши, 2025 йилнинг биринчи чорагида - 16 киши.
Гулнора Абдувоҳидова, шунингдек, ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган Фарғона ва Бухородаги хусусий клиникалардаги сўнгги фожиалар, шунингдек, муваффақиятсиз пластик операциядан сўнг блогернинг соғлиғига жиддий зарар етказилгани ҳақидаги воқеани мисол қилиб келтирди. Депутат ушбу салбий ҳолатнинг сабабларини чуқур ўрганиб, тезкор чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Депутат сўрови доирасида соғлиқни сақлаш вазирига қуйидаги муҳим саволлар берилди:
• Хусусий тиббиёт муассасаларида бундай ҳолатлар кўпайишининг асл сабаблари нимада ва уларнинг олдини олиш учун вазирлик томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?
• Хусусий клиникаларда рўй берган ўлим, ногиронлик ёки соғлиққа жиддий зарар етказиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолат вазирлик томонидан таҳлил қилинганми ва уларнинг такрорланмаслиги учун қандай амалий чоралар кўрилган?
• Хусусий тиббиёт муассасаларида даволаш усулларининг тўғри қўлланилиши ва тасдиқланган тиббий протоколларга риоя этилиши устидан тизимли назорат механизми мавжудми? Бу борада қандай аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
• Вазирлик аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида хусусий клиникалар учун лицензия талаблари ва шартларини кучайтириш бўйича қандай таклиф ва ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда?
Депутат соғлиқни сақлаш вазиридан қўйилган саволларга 10 кун ичида асосли жавоб беришни талаб қилди.
64views0replies
0

Комментарии