2024 йилнинг март ойида ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Хонабод шаҳар "А.Навоий" МФЙ ҳудудини Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи яширин ерости туннели аниқланган эди. Туннель орқали, товар-моддий бойликларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганди.
Дастлаб, Қирғиз Республикаси фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга умумий баҳоси 5 млрд 954 млн сўмлик 812 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, республикадан эса қиймати 1 млрд 558 млн. сўмга тенг бўлган 1 кг. 734 гр ностандарт қуйма олтин буюмларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи 3 нафар шеригига тегишли манзилларда мазкур ерости йўлаги орқали олиб ўтилган 2 млрд 839 млн сўмлик жами 1380 дона мобил телефон аппаратлари, 32 дона қулоқчинлар, 920 дона адаптерлар, 338 дона УСБ-С кабеллар, 40 дона қувватлагичлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ер ости туннели 18-20 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, унинг кенглиги 60-70 см.ни, баландлиги 170-180 см.ни, узунлиги эса 300-350 метрни ташкил қилади.
Олиб борилган тергов жараёнларида ушбу уюшган жиноий гуруҳга Қирғиз фуқароси раҳбарлик қилганлиги аниқланиб, у томонидан гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланган. Ҳозирда унга нисбатан ҳам алоҳида жинояти иши олиб борилмоқда.
ЖИБ Андижон шаҳар суди томонидан Қирғиз фуқароси ЖКнинг 182 ва 223-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 6 йил муддатга, 3 нафар Ўзбекистон фуқаролари эса ЖКнинг 182-моддаси билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Суд ҳукмига мувофиқ, улардан олинган товар-моддий бойликлар ҳамда Хонабод шаҳри А.Навоий МФЙдаги хонадон ундаги "ер ости туннели" кўмиш йўли билан йўқ қилиниб, давлат фойдасига мусодара қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаросининг Хонабод шаҳар "А.Навоий" МФЙдаги хонадонида аниқланган иккинчи ерости туннели ҳам суд ҳукмига мувофиқ, тегишли тартибда йўқ қилиниб, мазкур уй ҳамда ашёвий далил сифатида олинган товар-моддий бойликлар давлат фойдасига мусодара қилинди. Қонунбузарга нисбатан эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тергов жараёнида, ушбу ерости туннеллари орқали Қирғиз Республикасидан олиб ўтилган турли русумдаги мобил телефон аппаратлари Андижон ва Тошкент шаҳарларидаги савдо марказларида сотувга чиқарилганлиги аниқланиб, ҳозирда мазкур йўналишда тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.