Бугун, 6 октябрь куни озиқ-овқат маҳсулотларида нарх белгилаш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилишига таъсир этувчи омиллар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида сўнгги пайтларда ёғ-мой маҳсулотлари нархининг ошиб кетганига оид хабарларга тўхталиб ўтилди.
Қайд этилишича, Республикада ёғ-мой ишлаб чиқарувчи 340 дан ортиқ корхона мавжуд бўлиб, шулардан 100 га яқини ўсимлик мойи ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уларнинг йиллик хом ашёни ишлаб чиқариш қуввати 3 000 000 тоннани ташкил этади.
– Январь-сентябрь ойларида республика бўйича 181 000 тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқарилди. Чет мамлакатлардан қўшимча равишда 170 000 тоннага яқин ўсимлик мойи импорт қилинди, - деди "Ўзёғмойсаноат" уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Аҳрор Абдураҳимов.
Шунингдек, матбуот анжуманида республиканинг 70-80% мойли ашёси техник пахта-чигити эканлиги айтилди.
Таъкидланишича, корхоналарнинг 5-6 таси ишга тушган, яна бир ҳафтада корхоналар ишга туширилади ва пахта корхоналаридан олинадиган техник чигитдан ишлаб чиқариладиган мой маҳсулотлари тўлиқлигича аҳолига йўналтирилади, бу эса нарх-наво пасайишига хизмат қилади.