Ўзбекистонга Хитойдан 1300 та кислород концентратори, коронавирусни аниқлайдиган 20 та ПЗР синов аппарати ҳамда вирусга қарши дори воситалари олиб келинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали лавҳасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ушбу жиҳозлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига топширилади. Вазирлик ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда уларни тақсимлайди.
Шунингдек, лавҳада бу дастлабки юк эканлиги, тез орада яна шунча тиббиёт аппаратлари, дори воситалари Ўзбекистонга олиб келиниши ҳам маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида кислород концентраторлари етишмаслигига эътибор қаратиб, шифохоналар қўшимча аппаратлар билан таъминланишини таъкидлаган эди.