«Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 20 июлдан коронавирус эпидемияси даврида нормативга қўшимча равишда кечаю-кундуз навбатчилик қиладиган 1 нафар тиббиёт ходими ва 1 нафар ҳайдовчидан иборат ихчамлаштирилган мобиль тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади.
Шунингдек, кучайтирилган тартиб даврида ҳар ой якунига қадар барча тез тиббий ёрдам бригадаларида ишловчи ходимларнинг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига қуйидаги миқдорларда қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари белгиланади:
• врач ходимларга – 2,5 млн сўм;
• ўрта тиббиёт ходимларига – 1,5 млн сўм;
• ҳайдовчиларга – 1,0 млн сўм.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги эпидемиологик вазият, шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматига кунлик чақириқлар сонидан келиб чиқиб ихчамлаштирилган мобиль тез ёрдам бригадаларининг вақтинчалик нормативлари тасдиқланади.