Ижтимоий тармоқлар орқали республикамиз бозорларида, хусусан, “Ўрикзор” савдо комплексида сунъий тухумлар сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 22 феврал куни “Ўрикзор” савдо комплекси МЧЖга қарашли дўконларда мониторинг ўтказилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбиркорлар билан бирма-бир суҳбат ўтказилиб, савдо юритувчиларга санитария, хусусан тиббий дафтарчаларга эга бўлиш ҳамда маҳсулотларга бериладиган ветеринария маълумотларини тақдим этиш талаблари қўйилган.
Шунингдек, савдода бўлган тухумлардан намуналар олиниб, ҳар бир сотувчининг ўзи гувоҳлигида қисқа муддатли кўргазмали текширув ўтказилган. Хулосаларга кўра, текширув давомида тухум намуналари истеъмолга яроқли экани аниқланган.
Мониторинг натижаларига кўра, савдо комплекси маъмурияти ВСЭЛ, ДСНЭМ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУК томонидан ўзаро ахборот алмашишга келишиб олинган.