Бир йилдан буён Қўқон шаҳрида яшовчи Муротали Жумабоев ва Санобар Ботироваларнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ичига чироқ ёқса ёришмайди. Негаки, ўтган йилнинг февраль ва март ойларида уларнинг бир эмас, икки нафар ўғиллари — Сарварбек ҳамда Мавлонбек Жумабоевлар оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этгани учун қамоққа олиниб, кейинчалик узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Энг ачинарлиси, иккаласи ҳам ички ишлар идораси ходими бўлиб, тизимда ишлаётган маҳали жиноят содир этган. Яъни Сарварбек Қўқон шаҳар ИИБ профилактика инспектори, Мавлонбек эса, Учкўприк туман ИИБ профилактика инспектори лавозимида фаолият юритган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ака-ука ўз жиноятларига синфдошлари — Асқар Боқижонов ва Қаҳрамон Авезовларни шерик қилишган.
2017 йилнинг 20 сентябрь куни эди. Ўшанда Асқар Боқижонов таниши Марат Давидовнинг ўзига тегишли "Дамас" русумли автомашинасини 6 200 АҚШ долларига сотганидан хабар топади. Бу эса, тайинли касб-корга эга бўлмаган Асқарнинг тинчини ўғирлайди. Тўғрироғи, синфдоши Сарварга қўнғироқ қилиб, "ўлжа"ни қўлга киритиш хусусида маслаҳатлашади. Мўмай пулнинг дарагини эшитган С. Жумабоев эса, уни жиноий йўлдан қайтариш ўрнига йўл-йўриқ кўрсатиб, укаси Мавлонбек билан боғланишини айтади. Ўз навбатида, М. Жумабоев ҳам синфдоши Қаҳрамонга сим қоқиб, уни ушбу "операция"га жалб қилади.
Оқибатда Сарвар ва Асқар Маратни чалғитиб, уйга келтирмай туришади. Мавлон эса, бу вақтда Қ. Авезовни автомашинага ўтирғизиб, М. Давидовнинг шаҳарнинг Чорчинор кўчасидаги уйи ёнига олиб келади. Сўнг Қаҳрамон ҳовлига девор орқали кириб, хонадон соҳибининг жавонидан 5 800 АҚШ долларини ўғирлаб чиқади. Шундан сўнг жиноий гуруҳ аъзолари бу маблағни тенг тақсимлаб, шахсий эхтиёжларига сарфлаб юборишади.
Шундан сўнг ўғрилар Сарварнинг яқин таниши Ёдгор Норматовнинг хонадонини мўлжалга олишади. Чунки С. Жумабоев Ёдгорникига кириб-чиқиб юрган пайтида унинг уйида катта миқдорда пул ва тилла тақинчоқлар борлигини билиб олганди. Пировардида, у укаси, А. Боқижонов ва Қ. Авезовлар билан ана шу мулкларни босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш юзасидан жиноий режа тузади. 2018 йил 11 январь куни соат 9:00 ларда ишга киришади. Яъни Сарвар Ё. Норматовни ўзининг автомашинасида ишга олиб кетади. У йўлда кета туриб, шерикларига Ёдгорнинг қайнонаси Гулшаной Норматова уйда ёлғиз қолганлиги ҳақида хабар беради. Шундай қилиб, Мавлон соат 11:00 ларда Қаҳрамон ва Асқарни белгиланган манзилга олиб келади.
Натижада Қ. Авезов ва А. Боқижонов ўзлари билан олиб келган тиббиёт ниқобини юзларига тақиб, қўлларига қўлқоп кийиб, аввал ҳовлига, ундан Гулшаной опа ўтирган хонага бостириб киришади. Сўнгра аёлнинг оғзини ёпган ҳолда бўйнидан бўғиб, ошхона пичоғини ўқталишади. Қолаверса, Г. Норматовага ўлдириш билан таҳдид қилиб, унинг қулоғидаги нархи 700 000 сўмлик бир жуфт феруза кўзли сирғасини, хонадаги нархи 50 000 сўмлик "Нокиа-1112" русумли уяли телефонни, банк пластик карточкасини, фуқаролик паспортини, 100 000 сўм пули бўлган ҳамёнини, Ёдгорнинг хотини Гулмирага тегишли нархи 4 000 000 сўмлик бир дона узук ва бир жуфт сирғани, нархи 1 500 000 сўмлик бир дона "Жемчуг" номли кўзли узукни, нархи 4 800 000 сўмлик "Бакинский" ва "Мини трос" номли тилла занжирни, нархи 600 000 сўмлик бир жуфт сирғани, нархи 1 500 000 сўмлик бир жуфт "Қашқар" номли сирғани, нархи 1 200 000 сўмлик бир жуфт "Кокилча" номли сирғани, жами 14 450 000 сўмлик мулкни босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинишган. Кейин жиноий гуруҳ бу тилла буюмларни жиноий йўл билан қўлга киритилганини айтмасдан фуқаро Қаюмжон Пўлатовга 5 400 000 сўмга сотиб, пулни ўзаро тақсимлаб олишган.
Ўша кун жиноятчилар қочиб кетгач, Гулшаной опа шоша-пиша қўшниси Мафтунахонни ёрдамга чақиради. Ўз навбатида, Мафтунахон ИИБ ва маҳалла оқсоқолига хабар беради. Натижада жиноят-қидирув бўлимининг тезкор ходимлари дарҳол жиноятчиларни излашга тушишади. Аввало, улар маҳалла яқинига ўрнатилган видеокузатув мосламаларига муҳрланган тасвирларни кўздан кечиришади. Шунда воқеа содир бўлган пайтда ички ишлар ходими бошқарувидаги автомашина катта тезликда ҳудуддан чиқиб кетгани эътиборни тортади.
Дарҳақиқат, Асқар билан Қаҳрамон босқинчиликни амалга оширгач, Мавлон уларни ўзининг автомашинасида олиб кетган ва ўша пайтда у хизмат кийимида эди. Шу боис айни жиноят Фарғона вилоят ИИБ ЎХБ ходимлари томонидан иссиғида фош этилиб, жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилади.
Буни қарангки, ушбу жиноий қилмиш юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув жараёнида Сарвар, Мавлон ва Асқарнинг 4 йил аввал содир этган қотиллиги ҳам фош бўлди.
Гап шундаки, Сарвар Жумабоев Қўқон шаҳар ИИБ профилактика инспектори вазифасида ишлаб юрган пайтда фуқаро Шаҳноза Ҳасанованинг уйига ўғри тушади. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ҳаракатларини олиб бориш жараёнида инспектор Шаҳноза билан танишиб қолади. Бу танишув эса, бора-бора "қуюқлашиб", охир-оқибат улар шаръий никоҳ асосида турмуш қуришади. 2013 йил ёз ойларида улар қиз фарзанд ҳам кўришади. Аммо Санобар опа ўғлининг бу тарзда турмуш кечиришига рози бўлмайди. Шунинг учун 2014 йил январь ойида Сарварни Лобар исмли қизга уйлантириб қўяди. Шаҳноза эса, орадан 3 ой ўтгач, бундан хабар топади. Хабар топади-ю, алам ва рашк устида С. Жумабоевга нисбатан товламачилик қила бошлайди.
Маълум бўлишича, 2013 йил 6 март куни Сарвар шаҳардаги "Снайпер" номли ўқ отиш мажмуасидан 5 дона пневматик милтиқ, 2 дона пневматик пистолет ва уларнинг ўқ-дориларини ўғирлаган, кейинчалик қуролларни жойига қайтараётган пайтда 2 қути ўқни ўзида олиб қолганди. Шаҳноза буни биларди. Бундан ташқари Ш. Ҳасанова ўзи билан Сарварнинг ноодатий жинсий алоқасини уяли телефони орқали видеотасвирга тушириб қўйганди. Бинобарин, у ана шу видеотасвир ёзилган DVD дискни ҳамда 2 қути ўқларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш билан қўрқитиб, С. Жумабоевдан 4 000 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Аёлдан бундай товламачиликни кутмаган Сарвар эса, шундай ғазаб отига минадики, оқибатда Шаҳнозани қасддан ўлдириш пайига тушиб қолади.
— Бу ишни узоққа чўзиб бўлмайди. Чунки у манжалақидан ҳамма нарсани кутиш мумкин, — дейди Сарвар Асқар ва Мавлон билан маслаҳатни бир жойга қўйгач.
Шундан сўнг 2014 йил 25 апрель куни тунги соат 24:18 ларда учовлон "Матиз" русумли автомашинада Ш. Ҳасанова яшайдиган кўп қаватли уйнинг олдига келишади. Ён-атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, Сарвар телефон орқали Шаҳнозани ташқарига чақиради. Ўз ҳаётига қилинажак тажовузни хаёлига ҳам келтирмаган Ш. Ҳасанова уйидан чиқиб, автомашинага ўтиради. Шунда С. Жумабоев аввалдан тайёрлаб қўйилган целлофан пакетни унинг бошига кийгизиб, бўйнидан бўға бошлайди. Мавлон эса, аёлнинг кўкрак ва бўйин соҳасига 3 маротаба пичоқ санчади. Оқибатда кўз очиб юмгунча автомашина ўриндиқлари қонга беланиб, Шаҳноза жон таслим қилади. Сўнгра қотиллар унинг мурдасини шаҳардаги "Евроосиё" қабристонига олиб бориб, кўмиб ташлашади.
Буни қарангки, Сарвар аллақачон жиноятни яшириш ва Ш. Ҳасанованинг яқинларини шубҳалантирмаслик чораларини ҳам кўриб қўйган экан. Шу мақсадда у орадан икки кун ўтиб, нотаниш рақамдан Шаҳнозанинг номидан Россияга кетгани, бориб ишга жойлашгандан сўнг яна маълум қилиши ҳақида акасига SMS хабар жўнатади. Шу боис марҳуманинг яқинлари унинг Россияга кетганлигига ишониб юраверишади.
Ўша воқеадан сўнг орадан беш-олти кун ўтгач, Сарварга таниш ҳайдовчи ўуломжон Шарифжонов кўчада Асқар Боқижоновни маст ҳолатда учратиб қолади. Шунда Асқар ўуломжонга бор гапни айтиб, "оғзидан гуллаб" қўяди. Бироқ Ғ. Шарифжонов бу гапга ишонмаганлиги туфайли ҳеч кимга лом-мим демайди. Энг аҳамиятлиси, орадан шунча вақт ўтиб, ўуломжон Сарвар, Мавлон, Асқар ва Қаҳрамонларнинг босқинчилик жинояти юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган пайтда А. Боқижоновнинг ўша иқрори хусусида тергов ходимларига маълум қилади. Шунинг учун гувоҳнинг ушбу кўрсатмаси асосида қабристондаги воқеа жойи кавлаб кўрилади. Оқибатда марҳума Ш. Ҳасанова ярим ўтирган ҳолда кўмиб юборилгани аён бўлди. Шунга кўра, ака-ука Жумабоевлар ва А. Боқижоновга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и”, “о”, “п”-бандлари, 164-моддаси 4-қисми "в"-банди, 134-моддаси, 227-моддаси 2-қисми "а"-банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Қисқаси, жиноий гуруҳнинг қилмишлари гувоҳларнинг кўрсатмалари ва рад этиб бўлмас далиллар асосида ўз исботини топди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди уларнинг кейинги ўғирлик, босқинчилик ва бошқа жиноятларини, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди эса, 4 йил олдинги қотиллик жиноятини кўриб чиқиб, айбдорларни қонуний жазога маҳкум этди.
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Кундалик ҳаётимизда кимдир тинчлигимизни бузса ёки бирор буюмимизни ўғирласа ёхуд бошқача тарзда ҳақ-ҳуқуқимизни поймол этса, дарҳол ички ишлар органларига, яна ҳам аниқроғи, ҳудуд профилактика инспекторига хабар берамиз.
Лекин ҳамюртларимиз ишонган ва "осойишталик посбони" деган шарафли номга сазовор бўлган ака-уканинг қабиҳ жиноятларга қўл урганини ҳамда бунга ўз синфдош оғайниларини ҳам жалб қилганини қандай тушуниш мумкин?
Ана шуларни инобатга олган ҳолда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан юқоридаги мудҳиш жиноятларнинг содир этилишига имкон яратган омилларни бартараф қилиш юзасидан хусусий ажрим чиқарилиб, Фарғона вилоят ИИБ ва Қўқон шаҳар 48-сонли "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғинига юборилди.
Раҳматжон АРАПОВ,
жиноят ишларибўйича
Фарғона вилояти судининг судьяси,
Фарруҳ АБДУРАИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона тумани судининг раиси