Шу йилнинг 6-13 октябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари бўлиб ўтганди. Ушбу мусобақада ўзбекистонлик паралимпиячилар умумий ҳисобда 77та медаль – 35та олтин, 24та кумуш ва 18та бронза медалларини қўлга киритишган.
Бугун «Олимпия шон-шуҳрати музейи»да ана шу ўйинларда муваффақиятли иштирок этган паралимпиячиларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Паралимпия Миллий ассоциацияси раиси Улуғбек Мирҳайдаров, III Параосиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг мураббийлари ва бошқалар иштирок этишди, деб хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «III Параосиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш тўғрисида»ги фармойишига биноан олтин медаль соҳиблари 5 000, кумуш медални қўлга киритган спортчилар 3 000, бронза медалига эга чиққан параатлетлар эса 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланишди.
Совриндор спортчиларнинг мураббийлари ҳам фармойишга асосан (олтин – 2 500, кумуш – 1 500, бронза 1000 АҚШ доллари) мукофотга сазовор бўлишди.
Тадбир давомида шунингдек, енгил атлетикачи Ҳусниддин Норбеков, сузиш бўйича терма жамоамиз аъзоси Фотимахон Амилова ҳамда дзюдо бўйича мураббий Ҳасан Қосимов сўзга чиқиб, кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан хурсанд эканликларини, 2020 йилда Токиода ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаб, юртимиз байроғини янада юксакларга кўтаришга ҳаракат қилиш ниятида эканликларини изҳор қилишди.