• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Общество 26 сентября 2018

Электр энергиясидан унумли фойдаланаяпмизми?

Сўнгги йилларда аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш тизими анча яхшиланди. Одамларда ишлатилган электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш маданияти изига тушмоқда.

3803
0

Шу ўринда савол туғилади, нега аҳоли узоқ йиллар давомида энергия танқислигидан азият чекди? Истеъмолчилар нега тўловлардан бўйин товлади?

Аслида, бундай мураккаб вазият юзага келишига “Ўзбекэнерго” компанияси фаолиятидаги хато ва камчиликларни бош сабабчи сифатида кўрсатиш мумкин. Тизимдаги юқори мартабали раҳбарлардан тортиб, қуйи бўғин ходимларига ўзибўларчилик ва талон-тарожлик ҳолатлари, ишга совуққон муносабат, коррупция кабилар аввало, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди. Бу эса тармоқ зиммасидаги вазифаларни изчил бажариш, қўйилган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилар эди.

Шартномавий мажбуриятларни бажармаган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмагани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари оқсагани қарздорликларнинг кескин ортиши, талон-тарожликлар ва истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатлари кўпайишига олиб келди.

Масалан, 2016 йилда электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига қасддан шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар 2014 йилга нисбатан 48 фоизга ошган бўлса-да, масъул идоралар томонидан бундай ҳолатларга нисбатан тегишли муносабат билдирилмаган.

Соҳа инфратузилмасини техник жиҳатдан, жумладан, илғор хорижий тажриба ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда янгилаш юзасидан қўйилган вазифалар бажарилмади. Оқибатда технологик йўқотишлар ортди, энергия ресурсларини етказишда сурункали узилишлар рўй берди. Бу иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга тўсқинлик қилди.

Электр таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш ҳамда тўловларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилмади. Замонавий электрон тўлов тизимлари етарли даражада жорий этилмади.

Шу ўринда яна бир савол туғилади, хўш, муаммо бартараф этилдими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йиллар давомида паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури доирасида 2,5 миллион нафардан ортиқ истеъмолчининг энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 34 минг километр электр тармоқлари ҳамда 6,9 минг дона трансформаторни модернизация қилиш бўйича 835,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 майдаги «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 26 майдаги «2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарорлари бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимизда йилига 57 миллиард кВт/соатдан зиёдроқ электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Истиқболли режаларга асосан, 2030 йилга бориб мамлакатимизда 100 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳадаги ишлар тубдан такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, Мажбурий ижро бюросининг самарали фаолияти натижасида ўтган йилнинг июнь-сентябрь ойларида 5 триллион 400 миллиард сўм қарздорлик ундирилган. Унинг 3 триллион 400 миллиард сўми электр энергияси ҳисобига тўғри келган.

Ўтган йили давлат бюджетига 171 миллиард сўмдан зиёд зарар етказиши мумкин бўлган 182 тадан кўп жиноий ҳолат аниқланган ва уларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилган. 

Кўп йиллар давомида энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭНҲАТ) жорий этиш бўйича бир неча бор чоралар кўрилган. Бироқ, мазкур йўналишдаги ҳеч бир лойиҳа якунига етказилмай қолиб кетаверган. Бу, ўз навбатида, энергия ресурслари истеъмолининг ҳаққоний ҳисоби ва назоратини ташкил этишга, шунингдек, талон-торожлик ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга катта салбий таъсир кўрсатган.

Масалан, 2017 йилгача энергия ресурслари абонентлари умумий сонининг атиги 2,6 фоизи ЭНҲАТда ишлайдиган электр энергиясини ҳисоблаш ускуналари билан жиҳозланган, 40 фоизи ташқи таъсирдан ҳимояланмаган эскирган ҳисоблаш ускуналаридан фойдаланган, 48 фоизи ЭНҲАТга мос келмайдиган турли модификациядаги ҳисоблаш ускуналарига эга бўлган, шунингдек, 9,4 фоизида энергия ресурсларини ҳисоблаш ускуналари мавжуд бўлмаган.

Шу ва тизимдаги бошқа муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 13 ноябрда “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда дастлабки босқичда 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техника воситалари харид қилиниши белгиланди.

Соҳани тўлалигича модернизация қилиш, эскирган асбоб-ускуналарни замонавийсига алмаштириш катта маблағ талаб этиши кундек равшан.

Бу ислоҳотларнинг барчаси аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланиши, мамлакат равнақига хизмат қилиши шубҳасиз.

3803
0