• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Общество 14 августа 2018

Суд дастлабки тергов органи қўйган айбни олиб ташлади

Судланувчилар А. Тожиев ва Ж. Мамажоновнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “б” банди билан ортиқча квалификация қилинганлигини суд ҳукмида асослантирди.

4792
0
UzNews.uz

Маълумки, амалдаги қонунчилигимизда бир нечта жиноят содир этган шахс ёки шахслар қилмишини малакалашнинг аниқ мезони белгилаб қўйилган. Ишни ана шу мезонга риоя этган ҳолда кўриш судларга жиноий қилмишни содир этган шахс ёки шахсларга нисбатан қўйилган айбловнинг асосли эканини аниқлаш имконини беради.

Натижада судланувчининг қилмишига муносиб даражада адолатли, қонуний жазо тайинланишига имконият яратилади. Бир нечта жиноят содир этган шахслар қилмишини малакалаш масаласини ҳаётимиздаги мавжуд воқеликлар билан боғлиқ ҳолда таҳлил қиладиган бўлсак, яқинда судда мазмунан кўрилган А. Тожиев ва Ж. Мамажоновга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оид жиноят ишини бунга мисол тариқасида кўрсатиш мумкин.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, А. Тожиев билан Ж. Мамажонов ўтган йилнинг 18 октябрь куни соат йигирма уч-у ўттизларда маст ҳолатда Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани ҳудудида Г. Светловани ҳаёт учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш билан қўрқитган. Оқибатда улар жабрланувчининг уяли телефони, сумкаси, тилло зираклари, ҳисобида 200 минг сўм пули бўлган пластик карточкаси ва 300 минг сўм нақд пули — жами 8 миллион 350 минг сўмлик мулкини очиқдан-очиқ тортиб олиб, воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, А. Тожиев ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш жиноятига акаси Т. Тожиевни ҳам жалб қилади. Ғараз ниятли А. Тожиев, Ж. Мамажонов ва Т. Тожиев 2017 йилнинг 26 октябрь куни ярим тунда Жиззах шаҳар "Кимёгар" маҳалласи ҳудудида фуқаро Ш. Насруллоевга ҳужум қилишади. Жабрланувчига нисбатан зўрлик ишлатиб, унинг 800 АҚШ доллари, уяли телефони ва эгнидаги чарм курткасини тортиб олади.

А. Тожиев билан Ж. Мамажоновнинг кейинги босқинчилик жинояти Жиззах шаҳрининг Сайилгоҳ кўчаси 3-уй йўлаги зинасида содир этилган. Бу гал иккаласи С. Мамарасуловга ҳужум қилган. Унга нисбатан ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, жабрланувчининг 40 минг сўм нақд пули, нархи 1 миллион 500 минг сўмлик уяли телефонини босқинчилик йўли билан талон-торож этган.

Муқаддам бир неча марта жиноят содир этиб, қилмишига яраша олган қонуний жазолардан кўзи очилмаган А. Тожиев кейинги сафар ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан талон-тарож этишга Ғ. Нурқулов ва Б. Жониев билан ўзаро тил бириктирган. Яъни ўтган йилнинг 25 ноябрь куни соат йигирма уч-у ўттизларда А. Тожиев билан Ғ. Нурқулов Жиззах шаҳрининг "Ёшлик" маҳалласи 120-уй олдида Р. Исоқуловага ҳужум қилган.

Улар, судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчига соғлиғининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати етказиб, 5 миллион 50 минг сўмлик мулкини талон-тарож қилган. Сўнгра судланувчи Б. Жониев бошқарувидаги "Нексия" автомашинада воқеа жойидан яширинишган.

Судланувчилар А. Тожиев ва Ж. Мамажонов дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми "б" банди, 164-моддаси 3-қисми "а" банди, 166-моддаси 2-қисми "а, б" бандлари ва 166-моддаси 3-қисми "а" бандидаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Судланувчилар — Ғ. Нурқулов, Б. Жониев ва Т. Тожиев эса, ўз жиноий қилмишлари учун Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми "б" банди билан айбланган.

Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларига мувофиқ бўлиши керак. Миллий қонунчилигимиздаги ушбу меъёр Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарори 3-бандида ҳам судларга раҳбарий тушунтириш сифатида берилган.

Буни алоҳида келтираётганимизнинг боиси бор. Чунки дастлабки тергов органи томонидан судланувчилар А. Тожиев ва Ж. Мамажоновнинг жиноий қилмиши Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми "а" банди билан малакаланган. Яъни уларга жиноятни такроран содир этганлик айби қўйилган.

Суд қонун мазмунидан ва ишда аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, А. Тожиев ва Ж. Мамажоновнинг жиноятини такрорийлик белгиси билан квалификация қилиб бўлмайди, деган қатъий тўхтамга келди. Негаки, қонунга кўра, икки ёки бир неча жиноятни шахс турли вақтларда содир қилган, аммо уларнинг биронтаси учун судланган бўлмаса, такроран жиноят содир этиш деб топилиши кўрсатилган.

Юқорида гувоҳи бўлинганидек, А. Тожиев ҳамда Ж. Мамажонов томонидан 2017 йилнинг 18 октябрида Г. Светловага нисбатан биринчи марта талончилик жинояти содир этилган. Бундан олдин улар томонидан бу турдаги жиноятга қўл урилмаган.

Қолаверса, судланувчи А. Тожиев муқаддам айнан талончилик жинояти содир этганликда судланмаган.

Суд ҳайъати, ушбу аниқланган асосларга кўра, судланувчилар А. Тожиев ва Ж. Мамажоновнинг жиноий ҳаракатлари учун Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми "а" бандидаги айблов ортиқча қўйилган, деган хулосага келди. Шу сабабли айбловдан ушбу бандни чиқариб ташлаш лозим, деб ҳисоблади.

Бундан ташқари суд ҳайъати судланувчилар А. Тожиев ва Ж. Мамажоновнинг жиноий ҳаракатидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “б” бандини ҳам чиқарди. Чунки бу айблов судланувчиларга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан нотўғри қўйилган. Бунга Жиноят кодексининг 8-бўлими “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси”га 2013 йилнинг 4 январидан қонуний кучга кирган ўзгартиш тўлиқ асос саналади. Унга кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари ва ундан зиёд бўлган миқдор анча миқдорни ташкил этади.

Маълумки, А. Тожиев билан Ж. Мамажонов жабрланувчи Г. Светлованинг 8 миллион 350 минг сўмлик мулкини талон-торож қилган. Бу миқдор эса, анча миқдорни ташкил этмайди.

Судланувчилар А. Тожиев ва Ж. Мамажоновнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “б” банди билан ортиқча квалификация қилинганлигини суд ҳукмида асослантирди.

Масаланинг иккинчи жиҳати шундан иборатки, Конституция ва қонунларга асосланган демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этилаётган мамлакатимизда бирон-бир шахс айби судда аниқланмагунча айбдор саналишига қонунларимиз йўл қўймайди. Фуқароларга суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи, судларга эса, жиноят ишидаги ҳар бир ҳолатни ҳар томонлама синчковлик билан чуқур ўрганган ҳолда адолатли қарор чиқариш ваколати ва мажбурияти юклатилган.

Воқеа тафсилотига қайтадиган бўлсак, юқорида шоҳиди бўлганингиздек, суд ҳайъати судланувчиларга тергов органи томонидан қўйилган ортиқча айбловларни жиноий қилмиш ҳаракатидан чиқариб ташлади. Суд судланувчилар А. Тожиев ва Ж. Мамажоновни Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а” банди, 164-моддаси 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. А. Тожиев ўн йил уч ой, Ж. Мамажонов эса, ўн йил тўрт ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд ушбу жиноят иши бўйича айбланиб, судга берилган Ғ. Нурқулов, Б. Жониев ва Т. Тожиевни Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми "б" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Бунда улардан ҳар бирининг жиноят ишида иштирокчилик даражасини эътиборда тутди. Жазони оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни, оилавий аҳволини инобатга олди ва Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, жиноий қилмиш ҳаракати квалификация қилинган модда санкциясида назарда тутилган энг кам озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Хулоса ўрнида айтганда, жазонинг қонуний, адолатли ва асосли бўлиши судларга бўлган ишончни таъминлашнинг муҳим шартидир.

Феруза АШИРҚУЛОВА,

Жиноят ишлари бўйича

Жиззах шаҳар судининг судьяси

4792
0