• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Общество 26 июля 2018

Олтита “Lacetti” автомашинасини “ўмарган” жиноий гуруҳ қўлга олинди

Жиноятчилар махсус мослама ёрдамида фақат “Lacetti” автомашиналарини ўмаргани аниқланган ва уларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

3286
0
UzNews.uz

Наманган шаҳрида яшовчи Обид Мирзакаримов, Абдулатиф Усмонов ва Ҳусанбой Ҳайдаров 80 километрдан ортиқ йўлни босиб ўтиб, Намангандан Фарғона шаҳрига келишади.

“UzNews.uz”га Фарғона вилояти Фарғона шаҳри Жиноят ишлари бўйича суди судьяси Феруза Сиддиқованинг маълум қилишича, уч кишидан иборат жиноий гуруҳ вакиллари Фарғона шаҳрининг Алишер Навоий кўчасидаги 46Б-уйнинг олдида турган, фуқаро Э. Эргашевга тегишли “Lacetti” русумли автомашинанинг эшигини тергов ва судда аниқлашнинг имкони бўлмаган мослама орқали очиб, салондан 970.000 сўм пулни ўғирлашади. Кейин эса, “даромад”ни ўртада тақсимлаб олишади.

Шундан сўнг, улар икки ҳафта “танаффус” қилишади. Афтидан, улар дастлабки қилмишларининг изи сал совушини кутишади. 2017 йилнинг 14 ноябрга ўтар кечаси эса, яна Фарғонага “меҳмон” бўлишди.

Бу гал аввалги манзилга яқин жойдан, яъни, фуқаро М. Абдуҳошимовнинг Алишер Навоий кўчаси, 98-уй ҳовлисида турган “Lacetti” автомашинасидан нақд 8 миллион сўмни ўмариб кетишади. Бундай катта миқдордаги “ўлжа” ҳамтовоқларнинг “иштаҳа”сини очиб юборади.

Бинобарин, учинчи ўғирликни кўпга чўзиб ўтиришмади. Қарабсизки, икки кундан сўнг Фарғона шаҳрининг Ойбек кўчасидаги 5-уй ҳовлисида қолдирилган Д. Нуриддиновнинг “Lacetti” автомашинасидан нархи 2,5 миллион сўмлик “Lenovo” русумли ноутбук компьютери, унинг масофадан бошқарадиган қурилмаси ва сумкасини ўмариб кетишди.

Кейин эса, ўғирланган бу буюмларни уяли телефон савдоси билан шуғулланувчи Қ. Абдураҳмоновга 100 АҚШ доллари (820 000 сўм) га сотиб юборишди. Кейинчалик ушбу ашёларни Қ. Абдураҳмонов А. Сотимовга 1 200 000 сўмга пуллагани маълум бўлди.

Орадан 7 кун ўтказиб, 2017 йил 23 ноябрга ўтар кечаси улар яна “ов”га чиқишади. Ўша кеча улар яна шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасига қараб йўл олишди. Ҳудуддаги кўп қаватли уйларни оралашар экан, 110 Б-уй олдида турган, Ф. Анорбоевнинг “Lacetti” русумли автомашинаси кўзларига чўғдек кўринди. Пировардида ҳамтовоқлар ўзлари билган мослама билан автоуловнинг эшигини очиб, 7 000 Россия рубли (миллий валютамизда 956 550 сўм) ва 20 000 сўм пулни ўғирлаб, изларига қайтишди.

Буни қарангки, Фарғона шаҳрининг Ал-Фарғоний кўчасидаги кўп қаватли уйда яшовчи С. Азимов ҳам ўғрилардан жабрланганлардан бири экан. Гап шундаки, у 2017 йил 2 декабрь куни эрталаб соат 7 ларда ишга отланади. Ҳовлига тушганда “Lacetti” русумли автомашинасининг эшиклари очиқ эканини кўриб ҳайрон бўлади. “Наҳотки, кечаси қулфлаш эсимдан чиққан бўлса?” - деб ўйлайди. Аммо уйга кириб кетаётиб, пульт орқали аниқ қулфлаганини ҳаёлидан ўтказади ва автомашина орқасига ўрнатилган баҳоси 300 АҚШ долларига тенг бўлган махсус видеокамера ва автомашина салонидаги 500 000 сўм пули йўқлигини билгач, ўғри тушганини англаб етади.

Лекин бу билан жиноий гуруҳнинг фаолияти тўхтамади. Негаки, “меҳмон” ўғрилар 2017 йил 8 декабрга ўтар кечаси шаҳарнинг Ойбек кўчаси, 4-уйда яшовчи А. Усмоновнинг “Ласетти”сини “сирли” усулда очиб, нархи 1,5 миллион сўмлик “МI” русумли уяли телефони ва 4 650 000 сўмини ўмариб кетишди. Ҳамтовоқлар Наманганга қайтишгач, бу уяли телефонни аввалгидек Қ. Абдураҳмоновга атиги 700 000 сўмга сотиб, кайфу-сафо қилишди. Ўз навбатида, сотиб олувчи ҳам телефонни қариндоши О. Абдураҳмоновга 800 000 сўмга пуллаб юборди. Энг эътиборлиси, ушбу жиноят айнан ана шу телефон орқали фош этилди.

Жумладан, жабрланувчилардан қайта-қайта мурожаат келиб тушавергач, шаҳар ИИБнинг тезкор ходимлари уяли алоқа компаниясига сўровнома юборишди. Табиийки, замонавий технологиялар ривожланган бугунги кунда уяли телефоннинг қаерда эканлиги ва ким ишлатаётганини билиш муаммо эмас. Натижада жиноятнинг илдизи телефонни сотиб олган А. Сотимов, О. Абдураҳмонов ва Қ. Абдураҳмонов орқали Обид Мирзакаримов ҳамда унинг ҳамтовоқларига етиб борди.

Мана шу тариқа ўғирлик фош этилиб, уччала айбдорга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди эса, уларга нисбатан қонуний жазо тайинлади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Доно халқимизда "Кўр кўрни қоронғуда топади" деган пурҳикмат ибора бор. Бу худди Обиджон, Абдулатиф ва Ҳусанбой учун айтилгандек. Чунки Обиджон 30, Абдулатиф 32, Ҳусанбой эндигина 28 ёшга кирган бўлса-да, айни пайтгача Обиджон 4 маротаба, Абдулатиф ва Ҳусанбой 3 мартадан судланишга “улгурган”.

Энг ачинарлиси, учовлон ҳам ўғирлик ва талончилик жиноятларини содир этганликлари учун судланганлик тамғасига “сазовор” бўлишган.

3286
0