Фармонда, олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишга, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ва аҳоли соғлиғининг кўрсаткичларини оширишга тўсқинлик қилаётган муайян муаммолар ҳанузгача ҳал қилинмасдан қолаётгани таъкидланган.
Давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини, жумладан, дори моддалари (субстанциялар) ва дори препаратлари (кейинги ўринларда дори воситалари деб аталади)ни давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини 2018 йил 1 августдан жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши ҳам Фармонда қайд этилган.
Бундан ташқари, ижтимоий дорихоналар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларнинг сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10 фоиз чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2018 йил 20 июлга қадар муддатда танқидий ўрганиш ўтказиб, юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини белгилаш кераклиги ҳам Фармондан ўрин олган.