Аввалроқ, Тошкентда ҳайдовчи ва ЙПХ ходими ўртасида келишмовчилик юзага келгани ҳамда ходим ҳайдовчининг ҳужжатларини машина салонига отиб юборгани акс этган видео тарқалди.
Шундан сўнг, ИИВ ЙҲХББ муносабат билдирди.
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни соат 19:50 ларда Шайхонтоҳур туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан Matiz ҳайдовчиси пиёдаларга йўл бермаганлиги боис тўхтатилган.
Ўзаро мулоқот вақтида ҳайдовчи эътирозлари борлигини айтган. Видеода ходим ҳужжатларни ҳайдовчининг қўлига бермай автомобиль салонига ташлаб кетиб қолганлиги акс этган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Текширув давомида видеода акс этган барча ҳолатларга ҳамда ЙПХ ходимининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади.
Маълумот учун, юқоридаги ҳолат юзасидан жорий йилнинг 4 ноябрь куни ҳайдовчининг қоидабузарлиги исботланиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.