Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказади.
“Таълим, тиббиёт тизимига ҳеч қачон бунақа пул бермаганмиз. Мана шуни халқимиз билиши керак. Инсон капиталини, таълим ва тиббиётни ривожлантиришга 58 трлн сўм ажратилади. Ордерга 600 млрд сўм. Бу ҳам янгилик бизнинг тизимда. Касални ўзига пул берамиз. Битта касални даволаш учун 50 минг 40 минг сўм сизни ихтиёрингизда. Хоҳласангиз давлат тиббиётига, хоҳласангиз хусусийга боринг. Биз тўлаб берамиз десак, салгина давлат тиббиётини дунёқараши ўзгаради, деган фикрим бор”, - гапирди Шавкат Мирзиёев.
Президент бу маблағга қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Чунки ҳудудлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, келгуси йилда 55 та янги дастур амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев муаллимлар ва тиббиёт вакилларининг ойлик масаласи ҳақида ҳам гапирди.
“Яна битта масала мени айтганимдек, муаллим ва шифокорларнинг ойликларини босқичма-босқич оширишимиз ва бунга 2022 йилда 350 млрд сўм ажратяпмиз. Энди ҳар бир маҳаллага пул берамиз. 10100 та маҳалламизга айланма маблағ, ҳар бир йўналиш бўйича йўл харитаси бўлади”, - дейди президент.
Қайд этилишича, чекка жойларда 1 минг 600 та болалар боғчаси ташкил этиш, Миллий таълим дастури доирасида 40 та янги мактаб қуриш ва 235 тасини таъмирлаш, дарсликларни янгилаш ҳамда компьютер синфлари очиш каби кўплаб чора-тадбирлар мўлжалланган.
Олий таълим тизимида ҳам вазифалар кўп. Хусусан, бакалавр йўналишида давлат грантлари, магистратура ва докторантурага қабуллар сонини ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуришга субсидия бериш ҳамда 80 мингдан ортиқ талабалар ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш кўзда тутилган.