Ўзбекистонлик тоғ чанғисичи Комилжон Тўхтаев 2022 йили Пекинда бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Бу ҳақда UzNews.uz'га Ўзбекистон чанғи федерацияси Матбуот хизмати маълум қилди.
Саралаш мусобақаларидаги чиқишлари доирасида спортчи очколар миқдори бўйича "слалом” ва "гигант слалом" йўналишлари бўйича белгиланган меъёрларни бажариб, 2022 йилги Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
"Комилжон Тўхтаевнинг Олимпия ўйинларига саралаш босқичидан муваффақиятли ўтишида федерация томонидан спортчининг саралаш босқичи бошиданоқ халқаро мусобақаларда иштирок этишини стратегик режалаштириш ва "Янгиобод" сайёҳлик базаси томонидан молиявий ёрдам кўрсатилди", – деб хабар берди федерация раҳбарияти.
Қайд этилишича, Халқаро олимпия қўмитаси қоидаларига кўра, Ўзбекистон тоғ чанғиси бўйича бор-йўғи 2 квотага (1 аёл, 1 эркак) даъво қилиши мумкин.
Саралаш босқичи 2022 йил 16 январгача давом этади. Шу тариқа Ўзбекистон қишки Олимпия ўйинларига навбатдаги йўлланмани қўлга киритиши мумкин.