Бош прокуратуранинг яна бир мансабдори $3 минг пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган Ш.В. қариндоши Ш.Н. орқали унинг таниши А.К.нинг ишончига кириб, унга нисбатан Бухоро вилояти прокуратураси иш юритувидаги жиноят ишини танишлари орқали тугатиб беришни ваъда қилган.
Шундан сўнг, 27 ноябрь куни Ш.В. А.К.дан $3 мингни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан 7 декабрь куни Ш.В.га нисбатан ЖКинг 168-моддаси 3-қисми "а" банди (фирибгарлик), 28, 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) ҳамда Ш.Н.га эса 212-моддаси 1-қисми (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Гумонланувчи Ш.В. процессуал тартибда ушланди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, тендерда қонуний ғолиб бўлган корхона раҳбаридан $29 минг талаб қилган Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари қўла тушгани ҳақида хабар қилгандик.