Ижтимоий тармоқларда, 25 декабрь куни Humo Arena комплексида бўлиб ўтиши эълон қилинган халқаро “ТикТокер”лар иштирокида Тik Tok Fest шоу-концерт дастури ва унинг бекор қилиниши ҳақидаги ҳабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Шундан сўнг, маданият вазирлиги ҳолат бўйича муносабат билдирди.
Унда айтилишича, концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш ваколати бўлган ИИВ, Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. Шу асосда, концерт-томошаларининг савияси, мазмун-моҳияти, ғоясини таҳлил қилиш, томоша бўйича якуний хулосалар бериш ҳам Маҳаллий ижроия ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган тузилманинг вазифаси ҳисобланади.
Қайд этилишича, юқоридаги каби шоу-концерт томошаларини ташкил этиш Маданият вазирлиги томонидан эмас, хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.
Вазирлик Тik Tok Fest шоу-концерти юзасидан барча савол ва мулоҳазаларни юқорида келтириб ўтилган ваколатли мутасадди органларга йўллашни тавсия қилган.
“Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган ҳар қандай маданий-маърифий тадбирлар, шоу-томошалар ҳамда концерт дастурлари ўзбек халқи миллий менталитети, ахлоқий тарбияси, тарихан бой маданияти, ёшлар дунёқараши бу каби шоу-дастурларни асло қабул қилмайди. Маданият вазирлиги Тik Tok Fest шоу-концертини маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этади, деб ҳисоблайди. Зеро, бир неча минг йиллардан буён шаклланиб, қон-қонимизга сингиб кетган инсоний фазилатлар, одоб-ахлоқ меъёрлари таъсирида пайдо бўлган тарбиямиз ҳам буни рад этади.
Ўйлаймизки, бу каби оммавий тадбирларни ташкил этаётган мутасаддилар ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, бу масалага жиддий ёндашади”, - дейилади вазирлик хабарида.