11 декабрь куни соат 17:50да Мирзо-Улуғбек туманининг «Темур Малик» ва «Дўрмон йўли» кўчалари кесишган чорраҳада ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, ҳодиса 25 ёшли Matiz ҳайдовчиси С.Р. ҳаракатланиб кетаётганида, қарама-қарши йўналишдан келаётган 27 ёшли А.Т. бошқарувидаги Lacetti автомобилини ўтказиб юбормаганлиги натижасида содир бўлган.
Оқибатда, Matiz йўловчиси 65 ёшли З.М. олган оғир тан жароҳатлари туфайли, воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, иккала автомобиль ҳайдовчилари ҳамда Matiz автомобилининг 40 ва 6 ёшли йўловчилари тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.