Жиззахда банк ходими ўз мижозларининг пластик карталаридаги пулларини ўғирлаш билан шуғулланиб келгани аниқланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беради.
Маълум қилинишича, шаҳарнинг Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро ИИОга мурожаат қилиб, унга тегишли банк пластик картасидан номаълум шахс 8 миллион сўм пулини ечиб олганини билдирган.
Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган суриштирув натижасида мазкур жиноят жабрланувчи мижоз бўлган банкнинг чакана хизматлар бўлими бошлиғи томонидан содир этилгани аниқланган.
Шунингдек, айбланувчи яна 10 нафар фуқаронинг пластик картасидаги пулни ўмарган бўлиб, жабрланувчиларга жами 133 миллион 629 минг сўм зарар етказгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.