Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг таъкидлашича, "Омикрон" деб номланган COVID-19 B.1.1.529 штамми бутун дунёга таҳдид солиши мумкин.
ЖССТ мутахассислари Жанубий Aфрикада аниқланган COVID-19 B.1.1.529 штаммини хавфли деб тан олди. Унга юнонча омикрон (О) ҳарфи берилган.
Хабарга кўра, B.1.1.529 штамми бир қатор мутациялардан сўнг организмдаги оқсил таркибига таъсир қилиши мумкин ва бундай ўзгариш билан ҳозирги вакциналар унчалик самара бермаслиги мумкин.
ЖССТ экспертларининг фикрича, янги турдаги коронавирус унинг тарқалишига қарши курашаётган мамлакатларга таҳдид солиши мумкин.
Бутунжаҳон тиббиёт ассосиацияси раиси Франк Ульрих Монтгомери коронавируснинг янги "омикрон" штамми ўзининг хавфлилиги бўйича Эбола вируси билан таққослаш мумкинлигидан хавотирда эканлигини айтди.
ЖССТ, шунингдек, Жанубий Aфрика тажрибасидан далолат берувчи омикрон варианти аввалгиларига қараганда тезроқ тарқалишини айтди. Шу сабабли, янги штамм дунёдаги кўплаб одамларга, шу жумладан бошқа штаммлардан даволанганларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Ташкилот барча мамлакатларни коронавируснинг янги штаммини ўрганиш учун эътиборни кучайтиришга чақирди.