Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ўртача маоши ойига 47,1 минг рубль ёки (6,8 миллион сўм)ни ташкил этади. Аммо, мигрантлар ойига 77 минг рубль (11,1 миллион сўм) атрофида маош олишни истайди. Бу ҳақда Россия мигрантлари федерацияси президенти Вадим Коженов маълум қилган.
Маълумотга кўра, мутахассислар 2021 йил давомида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган жами 4739 нафар муҳожирлар билан суҳбатлашиб, тадқиқот ўтказган.
Таҳлил натижаларига кўра, Россияга янги келган муҳожирлар ўртача 77,2 минг рубль даромад олишни хоҳлайди.
Рус тилини яхши билмайдиганлар 37 минг рубль, яхши билганлар эса 49 минг рубль олиши аниқланган.
Шунингдек, муҳожирларнинг 54,4 фоизи ватанида маош пастлиги, 30,5 фоизи ўз мамлакатида иш йўқлиги, 18 фоизи эса умуман турмуш даражаси пастлиги сабаб Россияга келганини айтган.
Коженовнинг таъкидлашича, сўровномада қатнашган муҳожирларнинг 27,5 фоизи кунига 8 соатдан 10 соатгача, 22 фоиздан камроғи 8 соат ёки ундан кам вақт ишлайди.