ДХХ Самарқандда фуқароларни ноқонуний равишда АҚШга жўнатмоқчи бўлган икки нафар шахсни ушлади.
Самарқанд туманида яшовчи 36 ва 30 ёшли 2 нафар шахс самарқандлик 2 фуқарони АҚШга юбориш учун уларнинг ҳар биридан $30 мингдан, жами $60 минг талаб қилиб, олдиндан $20 мингни олган вақтларида ушланди.
Аниқланишича, уларни “Ўзбекистон-Туркия-Боливия-Колумбия-Мексика-АҚШ” йўналиши орқали Қўшма Штатларга юбориш режалаштирилган.
Шунингдек, уларга йўлга чиқишдан аввал ПЦР-тест маълумотномасига ва ҳисобида $4 минг бўлган VISA-картага эга бўлишлари кераклиги ҳамда ҳар бир давлат ҳудудида уларни кузатиб қўювчи шахсларнинг талабларини бажариши керак бўлган.
Қайд этилишича, бу талаблар Амазонка дарёсининг Колумбиядан оқиб ўтувчи қисмидан ва Мексиканинг ўрмонларидан ўтиб олишдан иборат бўлган.
Бундан ташқари, тадбир давомида ҳибсга олинган шахсларда 60 нафардан ортиқ фуқароларнинг паспорт нусхалари борлиги ҳам аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.